Жорий йил 4 июль куни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларининг Андижон вилояти ҳудудидаги ходимлари, ОТМлар талабалари ва илмий изланувчилар ҳамда мактаб битирувчилари, вилоят ёшлари ва давлат хизматчилари орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн семинар бўлиб ўтди.
Семинарни ўтказишдан мақсад, республика ҳудудларидан иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди.
Мазкур семинарда 8 мингдан ортиқ Андижон вилоятининг давлат ташкилоти ва муассасалари ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар ва мутахассислар иштирок этдилар.
Шунингдек, 10 дан ортиқ ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларида таълим олаётган, Андижонлик “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари иштирок этдилар.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоят ёшлари ва мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.