Ўзбекистонда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол янгиланиш жараёнлари жадал кетмоқда. Янгиланаётган Ўзбекистон бугун дунё ҳамжамиятида реал воқеликка айланган, бу эса мамлакатимиз учун позитив имижни янада мустаҳкамлаш ва жадал ривожланиш имкониятларини очмоқда.
Бугун дунёнинг энг нуфузли университет ва илмий марказларида таълим олган, инновацион компанияларида стажировка ўтаган етук билим ва малакага эга бўлган, ўз Ватани равнақи йўлида тинимсиз меҳнат қилишга тайёр кадрларни хорижда тайёрлаш жуда долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йил 25 сентябрда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси олдига миллатнинг интеллектуал элитасини тайёрлаш, хорижда истиқомат қилаётган, замонавий билим, малака ва илғор илмий-амалий тажрибага эга бўлган ватандошлар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш вазифаси қўйилган.
Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёш кадрларга илғор хорижий университетлар ва илмий марказларида магистратура ва докторантурада ўқитиш, дунёнинг етакчи агентлик ва компанияларида стажировка ўташ ва малака ошириш таълим дастурлари бўйича стипендиялар эълон қилиб келмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари орқали 2018 йилда 375 нафар, 2019 йилда 605 нафар иқтидорли ва истиқболли мутахассислар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Япония, Канада, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа 20 дан ортиқ етакчи давлатларда таълим олишди.
Янгиланаётган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим феномени сифатида Америка, Европа ва Жанубий-шарқий Осиёнинг етакчи давлатларида самарали профессионал фаолият олиб бораётган юзлаб ватандошларимиз билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида хорижда самарали профессионал фаолият олиб бораётган ватандошларимиз иштирокида Халқаро экспертлар кенгаши ишламоқда.
Хориждаги ватандошлар билан мулоқот қилиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳар йили форумлар, конференциялар ва турли онлайн видеомулоқотлар ташкил этиб келмоқда. Биз томонимиздан электрон тарзда нашр этиладиган UzBridge журнали ҳам ўз саҳифаларида хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик алоқаларини ёритиб боради.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси миллатнинг интеллектуал элитасини яратиш йўлида барча мутасадди халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий давлатлар агентликлари, нуфузли университет ва илмий марказлар ҳамда замонавий компаниялар билан ўзаро манфаатли алоқаларга очиқ эканлигини исҳор этади.
Миннатдорлик билан,
Адхам Бекмуродов“Эл-юрт умиди” жамғармаси Ижрочи директори