“Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2021 йил
22 апрелдаги 2-сон қарори 6-иловаси билан тасдиқланган
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг таълим олиш
жараёнлари ҳамда таълим олишдан кейинги меҳнат фаолияти мониторингини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”
2021 йил 11 февралдаги ПФ–6168-сон Фармони (кейинги ўринларда – Фармон) билан тасдиқланган Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомил��аштириш юзасидан “Йўл харитаси”нинг 2-бандига асосан ишлаб чиқилган.
2. Ушбу Низом Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларини хорижда таълим олиш жараёнлари ҳамда таълим олишдан кейинги меҳнат фаолияти мониторингини ташкил этиш тартибини белгилайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Жамғарма – Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси;
таълим дастурлари – хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда бакалавриат, магистратура, докторантура (аспирантура)да таълим олиш ҳамда хориждаги вазирликлар, илғор ва инновацион компаниялар, университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда стажировкадан ўтиш;
стипендиат –таълим дастурлари асосида Жамғарма стипендияларини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (давлат хизматчилари, мутахассис, педагог, илмий ходим ва талабалар);
иш берувчи – таълим дастурларига тавсия этилаётган Стипендиат иш фаолиятини юритаётган ёки келажакда фаолият юритиши белгиланган Ўзбекистон Республикасидаги вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотлар;
кафиллар – Стипендиатнинг молиявий ва бошқа мажбуриятларини Жамғарма олдида унинг талаби билан солидар тартибда жавобгарликни (тўлиқ ёки қисман) ўз зиммасига олувчи жисмоний ва/ёки юридик шахслар (суғурта полиси ёки банк кафолати);
хорижий ҳамкор – Жамғарма ва/ёки Иш берувчи билан ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган, талабга мувофиқ хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантура (аспирантура)да таълим олиш, шунингдек стажировкадан ўтишни ташкил этувчи хорижий таълим, илмий ёки бошқа ташкилот;
таълим олиш – Стипендиат томонидан хорижий таълим, илмий ёки бошқа ташкилотларда чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар, мақсадли касбий таълим, тадқиқот ёки илмий-амалий дастурларни, жумладан бакалавриатни 3-4 йил, магистратурани 1-2 йил, докторантурани 1-4 йил, стажировкадан ўтишни
6 ойгача бўлган муддат давомида ўзлаштирилиши;
тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти – Стипендиатларга вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёки давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда эгаллаган мутахассислиги бўйича:
бакалавриатда ўқиш дастури бўйича — 5 (беш) йилдан кам бўлмаган муддатда;
магистратура ва докторантурада ўқиш дастури бўйича — 3 (уч) йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти;
мониторинг – нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда истиқболли давлат хизматчилари ва мутахассисларнинг ўқишини таҳлил қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашиши, уларнинг меҳнат фаолиятини ва касбий жиҳатдан ўсиши ҳамда мансаб поғоналарида кўтарилиши (меҳнат фаолияти)ни кузатиш жараёни;
– Стипендиатга бакалавриат, магистратура ёки докторантура (аспирантура)ни тугатганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
4. Стипендиатларни хорижда таълим олиш жараёнлари, шунингдек, таълим дастурлари тугаганидан кейинги меҳнат фаолияти мониторинги Жамғарма томонидан амалга оширилади.
5. Жамғарма Стипендиатлари мониторингини олиб бориш икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич – Стипендиатнинг хорижда таълим олиш даври;
иккинчи босқич – таълим дастурлари тугаганидан Ўзбекистон Республикасидаги вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёки давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларга ишга жойлашиши.
2-боб. Стипендиатларнинг хорижда таълим олиш жараёнлари мониторинги
6. Стипендиатлардан таълим дастурлари давом этаётган даврда мониторинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
а) Стипендиатнинг хорижий давлатга ўқишга кетганлиги, хорижий давлат олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот маркази, нуфузли компания ва ташкилотига етиб борганлиги, жойлашганлиги ва ўқишини бошлаганлиги тўғрисидаги маълумотни 10 (ўн) иш куни мобайнида Жамғармага тақдим этиши;
б) Стипендиат хорижий давлатда жойлашган Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ёки консуллик хизматига (агар мавжуд бўлмаса, энг яқин бошқа давлатдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ёки консуллик хизматига электрон тарзда хабар беради) учрашиб 10 (ўн) иш куни мобайнида рўйхатдан ўтиши ва рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида Жамғармани 5 (беш) иш куни ичида хабардор қилиши;
в) Стипендиат хорижий давлатда жойлашган Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ёки консуллик хизмати билан доимий мулоқотда бўлиши ҳамда улар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда фаол иштирок этиши.
Стипендиатлар таълим дастурлари давом этаётган даврда хорижда таълим олиши Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
- бакалавриат ва магистратура таълим дастурлари бўйича фанларнинг танлови ҳамда талаб этилган минимал сони тўғрисидаги маълумотни:
агарда тасдиқланган бўлса – 1 (бир) ой муддатда;
агарда тасдиқланмаган бўлса – тасдиқланган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида ёки хорижий ҳамкор томонидан белгиланган муддатда;
- докторантура (аспирантура) таълим дастури бўйича фанларнинг танлови ҳамда талаб этилган минимал сони, диссертация мавзуси, илмий раҳбари тўғрисидаги маълумотни:
агарда тасдиқланган бўлса – 1 (бир) ой муддатда;
агарда тасдиқланмаган бўлса – тасдиқланган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида ёки хорижий ҳамкор томонидан белгиланган муддатда.
7. Стипендиат хорижий давлатдаги таълим, илмий ва бошқа муассасанинг дарс (амалиёт) машғулотларида доимий қатнашиб боради, танлаган фанларни ўртачадан юқори даражада ўзлаштиради ва ўқув режасини тўлиқ бажаради.
Бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурларининг бирида таълим олаётган Стипендиат ҳар семестрда таълим олиши тўғрисидаги илмий раҳбар (ёки координатор) хулосаси, баҳолари (транскрипт) ва академик ҳисоботларини Жамғармага ҳар академик йил якунида 10 (ўн) кун муддатда топшириб боради.
8. Стипендиат ёки унинг Кафиллари Стипендиатнинг хорижий давлатда таълим олиши давомида у билан боғлиқ кутилмаган ёки фавқулодда юз берган ҳар қандай ҳолат юзасидан зудлик билан Жамғармага, Иш берувчига ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатдаги ваколатхонасига 3 (уч) кун ичида маълумот беради.
9. Жамғарма Стипендиатнинг таълим олиши жараёни тўғрисида ҳамда Стипендиатнинг бевосита ижтимоий ҳолатига тегишли бўлган маълумотларни олиб туриш мақсадида хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ёки консуллик хизмати кўмагидан фойдаланади.
10. Стипендиат томонидан Жамғармага Стипендиатнинг таълим олиши жараёнларини мониторинг қилиш учун 6-банддаги ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаса, Жамғарма Стипендиат таълим олишининг қолган қисмини молиялаштиришни тўхтатиш масаласини Жамғарма Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.
3-боб. Стипендиатларнинг хорижий давлатларда ўқишдан қайтгач ишга жойлашиши
11. Стипендиатлар таълим дастурини тамомлагандан сўнг, улар билан тузилган 4 (тўрт) томонлама шартномага мувофиқ Стипендиатни иш билан таъминлаш мажбуриятини олган вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда ишлаб бериш мажбуриятини олади.
12. Стипендиат шартномага мувофиқ, Жамғарма ва томонлар билан ўзаро келишган ҳолда меҳнат фаолиятини олиб бораётган вазирлик, идора ёки давлат ташкилотидан бошқа вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотга меҳнат фаолиятини ўзгартириши (давом эттириши) мумкин.
Бундай ҳолда, Стипендиат мажбурий тартибда Жамғармани ёзма хабардор қилади. Стипендиат меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва келажакда давом эттириши кутилаётган вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилот Жамғармага розилик хатлари билан мурожаат қилади.
Стипендиатнинг бошқа ташкилотга ўтиши Жамғарма, Стипендиат, амалдаги Иш берувчи ва янги Иш берувчи ўртасида имзоланадиган “4 (тўрт) томонлама шартномага қўшимча келишув” билан расмийлаштирилади.
13. Стипендиат ўз меҳнат фаолиятини давом эттирадиган янги юридик шахс мажбурий тартибда вазирлик, идора, бошқа давлат ташкилотлари ёки давлат улуши мавжуд бўлган ташкилот бўлиши талаб этилади.
Нодавлат ёки хусусий (давлат улуши мавжуд бўлмаган) ташкилотларда Стипендиатнинг меҳнат фаолиятини давом эттиришига йўл қўйилмайди.
14. Агар Стипендиат Ўзбекистондаги олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурида таълим олиш даврида хорижга бакалавриат, магистратура ва докторантура бўйича таълим олиш учун ўқишга кетган бўлса, Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, томонларнинг розилиги билан бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурини тамомлашига рухсат берилади.
Ушбу хоҳиш ҳақида Стипендиат Ўзбекистонга қайтгач, 5 (беш) иш куни мобайнида Жамғармани хабардор қилиши талаб этилади.
Бунда Стипендиатнинг Ўзбекистондаги олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасасида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим даври мажбурий ишлаб бериш даврига киритилмайди ҳамда мазкур ижтимоий муносабат юзасидан амалдаги “4 (тўрт) томонлама шартномага қўшимча келишув” расмийлаштирилади.
Шунингдек, уларнинг фаолияти мониторинги Ўзбекистонда таълим олишни тугатиб, меҳнат фаолиятини бошлаган (ишга жойлашган) санадан бошлаб амалга оширилади.
4-боб. Стипендиатларнинг таълим олишдан кейинги меҳнат фаолиятини мониторинги
15. Стипендиат таълимнинг тўлиқ курсини тамомлагандан сўнг 1 (бир) ой мобайнида Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиши талаб этилади.
16. Стипендиат таълим дастурини якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг 10 (ўн) иш куни мобайнида Жамғармага қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
таълим дастури якунланганлиги тўғрисида Жамғарма ижрочи директори номига хабарнома;
таълим дастури якунланганлигини тасдиқловчи диплом (ёки бошқа ҳужжат), унинг иловаси ва тегишли ҳужжатларнинг нусхалари;
таълим дастури якунланганлигини тасдиқловчи диплом ёки сертификат Стипендиат томонидан олинмаган бўлса (асослантирилган сабабга кўра), тегишли хорижий олий таълим муассасаси, илмий-тадқиқот маркази, бошқа нуфузли компания ёки ташкилот томонидан диплом ёки сертификат тақдим этилиши муддати кўрсатилган расмий хат;
Стипендиат хорижий давлатда таълим олиш даврида тайёрлаган битирув (диплом) иши ёки ҳимоя қилган диссертацияси (илмий мақоласи, патенти ёки бошқа илмий ишлари)нинг электрон нусхаси (агар мавжуд бўлса).
17. Жамғарма Стипендиатлар диссертацияларининг электрон нусхасини йиғиб боради ва унинг базасини шакллантиради. Жамғарма ушбу базадан (муаллифлик ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда) қонунчиликда белгиланган мақсадларда фойдаланади.
18. Стипендиат ва унинг Иш берувчиси Жамғарманинг тегишли сўровномаси асосида Стипендиатнинг меҳнат фаолияти бўйича маълумотларни ҳар ярим йилликда (агар Иш берувчи ҳамда Стипендиат ўртасида иш жараёни билан боғлиқ муайян ҳодиса содир бўлса дарҳол) бир марта Жамғармага тақдим этиб боради.
19. Жамғарма Стипендиатларининг тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш жараёнидаги меҳнат фаолияти мониторинги таълим олиб қайтгандан кундан бошлаб:
бакалавриатда ўқиш дастури бўйича — 5 (беш) йилдан кам бўлмаган муддатда;
магистратура ва докторантурада ўқиш дастури бўйича — 3 (уч) йилдан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.
20. Жамғарма Васийлик кенгашига:
Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ (ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ёки бошқа қўшимча) таътиллар берилган ҳолларда тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти муддатини ўзгартириш;
республика ҳудудларини етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда бакалавриат, магистратура ёки докторантурада таълим олган ёш мутахассислар билан таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида мажбурий ишлаб бериш жойи сифатида меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган республиканинг чекка ҳудудларида жойлашган давлат ташкилотлари ёки муассасалари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларни танлаган Стипендиатларнинг мажбурий ишлаб бериш муддатини бакалавриатда ўқиш дастури бўйича 2 (икки) йилга қадар, магистратура ва докторантурада ўқиш дастури бўйича 1 (бир) йилга қадар қисқартириш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
21. Стипендиат хорижда таълим олиб, Ўзбекистон Республикасига қайтгандан сўнг меҳнат фаолиятини 1 (бир) ой мобайнида бошлаши талаб этилади.
Стипендиат таълим дастурини якунлаган, бироқ, унга диплом тақдим этилмаган бўлса, Иш берувчи таълим берган ташкилотнинг ёки Жамғарманинг таълим олганлиги ҳақидаги маълумотномаси асосида меҳнат шартномасини расмийлаштиради.
Стипендиатга таълим дастури бўйича тегишли диплом тақдим этилган кундан эътиборан 10 (ўн) иш куни мобайнида унинг нусхасини Иш берувчи ҳамда Жамғармага тақдим этади.
22. Стипендиатларнинг меҳнат фаолияти мониторинги қуйидаги мезонлар асосида олиб борилади:
Стипендиатнинг лавозими ва меҳнат фаолияти тўғрисида Иш берувчи томонидан ҳар 6 (олти) ойда тақдим қилинадиган маълумот;
Стипендиатнинг юқори лавозимга тайинланиши ёки Иш берувчи ташкилотдан бошқа вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотлари ёҳуд давлат улуши мавжуд бўлган ташкилот тизимида захира кадрлари сифатида реестрга киритилиши назорати.
23. Стипендиат Иш берувчининг мавжуд барча талаблари, хусусан амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ва локал ҳужжатларига бўйсунади ҳамда Иш берувчининг розилиги ёки рухсати талаб этиладиган барча ишларнинг у билан келишган ҳолда амалга оширади.
24. Стипендиат таълим олиб қайтгандан сўнг Иш берувчи ташкилотда фаолият олиб бориш билан бирга республика олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида маърузалар ўқиш, таълим муассасаси илмий ишларига амалий ёрдам бериш, маҳорат дарслари ва тақдимотларни меҳнат шартномасида белгиланган тартибда ташкил этиб бориши мумкин.
25. Стипендиат меҳнат фаолияти ва мониторинг муддати якунлангунга қадар хорижий давлатларга хизмат сафари, конференцияларда иштирок этиш мақсадида хорижий давлатларга чиқиши Иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади. Стипендиатларнинг хорижий давлатларда бўлиш муддати 3 (уч) ойдан ортиқ бўлса, Жамғарма билан келишиш талаб этилади.
26. Стипендиат билан Иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси:
Стипендиат билан Иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари амалдаги меҳнатга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади;
меҳнат шартномаси Иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда,Стипендиат меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 (ўн) иш куни мобайнида Жамғармани хабардор қилган ҳолда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтади, шунингдек 3 (уч) ой муддатда бошқа таълим ёки илмий муассаса, вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилоти ёҳуд давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотга ишга жойлашиш мажбуриятини олади.
Бунда иш қидириш муддати Стипендиатнинг мажбурий ишлаб бериш муддатининг камайишига олиб келмайди.
27. Стипендиат томонидан ишлаб бериш мажбурияти тугалланган тақдирда Жамғарма томонидан Стипендиат ёки Иш берувчи сўровномасига асосан Стипендиатнинг ишлаб бериш мажбурияти тугалланганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилиши мумкин. Ушбу маълумотнома шунингдек, кафолат хати, банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полиси (ёки бошқа шаклдаги ёзма келишув) мавжуд бўлса, уни бекор қилиш учун асос бўлади.
28. Стипендиат ишлаб бериш мажбурияти тугалланганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун Жамғармага Иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхасини расмий ариза билантақдим этади.
Иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси Стипендиатнинг белгиланган муддатларда ишлаб бериш мажбуриятини амалга оширганлигини тасдиқлаш учун асос бўлади.
5-боб. Мониторинг жараёни иштирокчиларининг мажбуриятлари ва жавобгарлик
29. Стипендиат белгиланган таълим дастури асосида таълим олгандан сўнг эгаллаган мутахассислиги бўйича Иш берувчида (Жамғарма, Стипендиат, амалдаги Иш берувчи (ёки янги Иш берувчи) ва Кафиллар иштирокида амалдаги
4 (тўрт) томонлама шартномада белгиланган муддатда) тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олади.
Стипендиат ишлаб бериш мажбуриятини ўзбошимчалик билан бузган ёки тузилган 4 (тўрт) томонлама шартномани бир тарафлама бузган ҳолатлар вужудга келган тақдирда, бироқ ушбу ҳолат Стипендиат томонидан 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмасдан бартараф этилса, яъни Иш берувчи ташкилотга (бошқа вазирлик, идора ёки давлат ташкилоти) қайта ишга тикланса ва ушбу ҳолат биринчи бор содир этилган бўлса, Стипендиатга Жамғарма томонидан ёзма огоҳлантириш бериш билан чекланилиши мумкин.
Юзага келган ҳолат бўйича меҳнат фаолиятидаги узилиш муддати ишлаб бериш мажбурияти муддатига қўшилмайди ҳамда шартномада белгиланган меҳнат мажбуриятининг муддатини бажариш мажбурияти аслича қолади.
Агарда шундай ҳолат янгитдан содир этилса, Стипендиат таълим дастури учун сарфланган харажатларни Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига асосан белгиланган тартибда тўлаб беради.
30. Иш берувчи Стипендиатни белгиланган муддатда иш билан таъминлаш мажбуриятини олади. Иш берувчи Стипендиатни таълим олиб қайтгандан сўнг, илгари эгаллаб турган лавозимидан камида бир поғона юқори лавозим бўйича иш билан таъминлаши лозим.
Агар шундай лавозимда иш ўрни мавжуд бўлмаса, илгари ишлаб турган лавозимидан паст бўлмаган иш билан таъминлаш мажбуриятини олади. Иш берувчи Стипендиатни илгари ишлаб турган лавозимидан паст бўлмаган иш билан таъминлаган тақдирда, унинг кейинги мансаб поғоналарига кўтарилишини унинг иш фаолияти самарадорлигидан ҳамда бўш иш ўрни мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда Стипендиат иш фаолиятини бошлаганидан 6 (олти) ой ўтгач рағбатлантириш мақсадида унинг мансаб поғоналаридан кўтарилишида масъул ҳисобланади.
Иш берувчи Стипендиатни ишлаб бериш мажбурияти тугалланмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддасида назарда тутилган шартлар асосида Стипендиат билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлган тақдирда, Иш берувчи келишиш учун Жамғармани 3 (уч) иш куни ичида келишиши шарт ҳисобланади.
31. Кафиллар Стипендиат томонидан мазкур Низом шартларини тўлиқ бажарилиши кафолатини таъминлайди ҳамда ушбу Низом ва “4 (тўрт) томонлама шартнома” (Жамғарма, Стипендиат, Иш берувчи ва Кафиллар) шартларининг тўлиқ ёки қисман бузилиши учун моддий жавобгарликни ўз зиммасига олади.
32. Жамғарма томонидан хорижий ҳамкор олий таълим муассасасига Стипендиатнинг таълим олиши харажатлари тўлаб берилгандан сўнг узрсиз сабабларга кўра таълим олишдан бош тортган тақдирда ва мазкур Низомда белгиланган бошқа мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармаганда Жамғарма Стипендиатнинг таълим олишини молиялаштиришни тўхтатиш ёки тугатиш масаласини Жамғарма Васийлик кенгашига киритади.
Стипендиат томонидан ушбу Низом ва “4 (тўрт) томонлама шартнома” (Жамғарма, Стипендиат, Иш берувчи ва Кафиллар)да белгиланган мажбуриятлар тўлиқ ёки қисман бажармаганда, у стипендиядан маҳрум қилиниб, Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан унинг таълим олиши учун сарфланган сарф-харажатларни қоплаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.
Стипендиат Кафиллар билан биргаликда Жамғарма томонидан унинг таълим олиши учун сарфланган харажатларни солидар тартибда ихтиёрий қайтарадилар.
Стипендиат ҳамда унинг Кафиллари томонидан Жамғармага Стипендиатнинг таълим олишига юборилиши ҳамда унинг таълим олиши билан боғлиқ харажатлар ихтиёрий тўланмаган тақдирда, ушбу харажатлар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ундирилади.
6-боб. Якуний қоидалар
33. Ушбу Низом қоидалари 2021 йилда Жамғарманинг малака ошириш ва стажировкадан ўтиш дастурлари бўйича стипендия ғолиблари учун ҳам татбиқ этилади.
34. Мазкур Низом барча Стипендиатлар хорижий давлатларга таълим олиш ва стажировкадан ўтиш учун юборилишидан аввал тўлиқ танишишлари ва унга риоя қилиши юзасидан ёзма розиликлари олиниши шарт.
35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.