2018 йил 25 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5545-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Фармонининг қабул қилиниши.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ўз фаолиятида қуйидаги жамғармаларнинг ҳуқуқий вориси деб эълон қилинди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 7 январдаги ПФ-1694-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш «Умид» жамғармасини тузиш тўғрисида»ги Фармони асосида “Умид” жамғармаси ташкил этилган. Мазкур жамғарма 1997-2003 йиллар мобайнида дунёнинг энг илғор G7 давлатлари қаторига кирувчи АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Япония давлатларида давлатларида жами 828 нафар стипендиатларни бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида ўқитган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 1 июлдаги ПФ-3272-сонли «Истиқболли ёш педагогларни ва илмий кадрларни малакасини ошириш ва тажриба орттириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига асосан “Умид” ва “Устоз” жамғармалари негизида “Истеъдод” жамғармаси тузилган. Мазкур жамғарма 2003-2018 йиллар мобайнида дунёнинг энг илғор давлатларида жами 914 нафар стипендиатларни стажировка ва малака ошириш таълим йўналишларида ўқитган.
2018 йил 25 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3982-сонли “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида” қарорининг қабул қилиниши.
Мазкур қарорга мувофиқ “Эл-юрт умиди” жамғармасига хорижда истиқомат қилаётган, замонавий билим ва бой амалий тажрибага эга бўлган ватандошлар билан мулоқотни янада кучайтириш, уларни Ўзбекистонга турли нуфузли лавозимларга ишга таклиф этиш, уларнинг салоҳиятидан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини янада мустаҳкамлашда самарали фойдаланишга кўмаклашиш, шунингдек, шундай тадбирларни молиялаштириш вазифаси юклатилган.
2019 йил 4 январь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4091-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг қабул қилиниши.
Мазкур қарор билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятига қуйидаги янгиликлар киритилган:
стипендиялар 5 та танлов ўтказиш йўналишлари бўйича ажратиладиган бўлди: таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари кесимида, ҳамда 4 та таълим дастури бўйича: докторантура, магистратура, стажировка ва малака ошириш;
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2019-2021 йиллар мобайнида жами 4000 ўринга стипендиялар танловини эълон қилади, ажратиладиган квоталарнинг камида 20% докторантура ва магистратура таълим дастурлари учун белгиланади;
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялар танловларини ташкил этиш механизми ва унинг муддатлари ишлаб чиқилган: вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар эҳтиёжларини ўрганишдан бошлаб токи стипендиатларга сертификатлар топшириш жараёнлари аниқ белгиланган;
халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатига кирган хорижий университетлар ва илмий марказларга мустақил равишда кириб, ўқиётган Ўзбекистон фуқаролари учун стипендиялар ажратиш амалиётга киритилган;
“Эл-юрт умиди” жамғармасига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда профессор-ўқитувчилар учун хорижий тилларга ўқитишнинг турли дастурларини амалга ошириш вазифаси қўйилган ва бошқалар.
2019 йил 3 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5843-сонли “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари тўғрисида” Фармонининг қабул қилиниши.
Мазкур Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги таркибига ўтказилди.
2020 йил апрель. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги
ПФ-5953–сонли Фармони билан тасдиқланган “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига мувофиқ “Мутахассисларни хорижда тайёрлашни ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва давлат хизматчилари салоҳиятини ривожлантириш тўғрисида” Фармони лойиҳасининг ишлаб чиқилиши.
Мазкур Фармонга кўра 2020 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятида қуйидаги янгиликларни киритиш режалаштирилган:
Жамғарманинг асосий таълим дастурлари мутахассисларни хорижда докторантура ва магистратурада таълим олиши, стажировка ўташи ва малакасини ошириши этиб ҳисобланади;
Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодлар танлови мунтазам асосда, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун, уларнинг иш ва ўқиш жойидан қатъий назар очиқ тарзда амалга оширилади;
кадрлар малакасини ошириш бўйича таълим дастури вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб ўта юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалга оширилади;
Жамғарма томонидан тажрибали маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ташкил этиладиган 6 ойгача бўлган муддатда хорижий тилларга интенсив ўқитиш бўйича янги таълим дастури жорий этилади.
Шу билан бирга, Фармон лойиҳасида:
“Эл-юрт умиди” жамғарм��си ходимларининг ойлик маоши миқдорини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимлари маошига тенглаштириш;
стипендиатларни хорижга ўқишга юборишнинг ташкилий-молиявий механизмига қатор ўзгартириш киритиш, жумладан, хорижий ҳамкорлар билан халқаро шартномаларни расмийлаштириш механизмини соддалаштириш, стипендиатларнинг стипендиялари миқдорларини аниқлаш механизмини такомиллаштириш;
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловларини ўтказиш тартибини тубдан соддалаштириш, жумладан, танловни 4 босқичдан 2 босқичгача камайтириш, хорижий тилларни билиш тўғрисидаги халқаро ёки миллий сертификатнинг, шунингдек, хорижда таълим олиш ёки стажировка ўташ учун таклифноманинг мавжудлиги талабларининг киритилиши;
хорижда истиқомат қилаётган, бой илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ватандошларни Ўзбекистонга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва давлат корхоналарга ишга таклиф этишни ташкил этиш мақсадида ҳар йили мунтазам равишда форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш ва бошқа ўзгаришлар кўзда тутилган.